Ёшлар учун иш имкониятлари тақдим этилди
0 кўрилган

Шаҳрисабз шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми ҳудудида ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни муносиб иш ўринларига йўналтириш мақсадида меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
Ярмаркада 20 дан ортиқ корхона ва ташкилот вакиллари ҳамда техникум мутахассислари иштирок этди. Ёшларга мавжуд бўш иш ўринлари, касбий талаблар, меҳнат шароитлари ва иш ҳақи ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шаҳрисабз шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими томонидан шаҳардаги бўш иш ўринлари рўйхати тақдим этилиб, ишга жойлашиш тартиби юзасидан тушунтиришлар берилди. Ёшлар иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Тадбирда Шаҳрисабз шаҳар ҳокими ўринбосари Азамат Султонов, шаҳар Ёшлар ишлари бўлими бошлиғи ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари қатнашди.
Ярмарка давомида алоҳида эътиборга муҳтож ёшлар, жумладан, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар учун судланган ёшларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш ва уларни иш билан таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Бундай учрашувлар ёшларга меҳнат бозоридаги имкониятлар билан танишиш, ўз қизиқиши ва малакасига мос иш танлаш ҳамда мустақил даромад топиш йўлида амалий кўмак беради.
